Пераклад апавядання “Шклянка цемры з прысмакам крыві”

https://jahonadabiyoti.uz/2019/09/19/людмила-рублевская-1965-йилда-туғилга/

Людмила РУБЛЕВСКАЯ  (1965 йилда туғилган) ҚОН РАНГИДАГИ ЗУЛМАТ

yudmila_rublevskaya

 Тунни кўр деб ким айтган? Унинг мингта кўзи бўлади. Яна уларнинг барчаси милтиқнинг ўқидек, шафқатсиз.

Бу ҳолат балки шаҳарга қора куз чўкиб, дарахтлар сўнгги тилла япроқларини ташлаб, қип-яланғоч бўлиб қолганидан ва дераза тагларида тун изғиб юрган бу пайтда маҳаллий халқ аллақачон чойларини ҳам ичиб бўлишган, қоронғуликда эса кўзга кўринмай ётган чалажон ер ва тупроққа қапишиб кетган кир япроқлар ҳамда ўт-ўланларни ёмғир аёвсиз савалашидан туғилгандир. Қисқаси, бу готик романлар учун тенгсиз манзара эди…

Федор эса готик[1] романларни хуш кўрмасди. Тўғриси, бор-йўғи икки марта – сарғайиб кетган эски нашрларда, ҳатто “ять”лари билан ўқиган… Уларни бувисининг қазноқдаги куялар еб ташлаган кийим-кечаклар сақланадиган сандиғидан топиб олганди. Афтидан, Федорнинг қариндошлари буларни ўз вақтида қора ноннинг четига ҳам айирбошлаш имконига эга бўлишмаган, “Отранто қасри” ва “Франкенштейн” деб аталган салмоқли бу китоблар гўё қишлоқ ойим қизининг кўз ёшлари ҳўл қилгандек, ундан моғор ҳиди анқиб турарди.

Ҳа, қишлоқ ойим қизларини қўрқитиш… Қаср деворларида юрган хаёлий монахлар, рицарларнинг бўш совутлари, тирик мурдалар ва шуваб ташланган монах аёллар… Уруш кўрганлар эса бундай шарпалардан эҳтимол, қўрқишмас, замонавий зиндонларда ўтириб чиққанлар бўлса… яйдоқ деворлардаги занглаб кетган кишанларни тасаввур этишаркан, ҳеч даҳшатга тушмайдилар…

Ёмғир ҳўл қўллари билан ойнани шундай урардики, Федорнинг назарида ўзининг ҳам юзлари ҳўл бўлгандек туюлди. Ҳатто электр лампочкаси-да, худди қадимги готик шамларга ўхшаб липиллагандай бўлди.

Пардани очиб ташлаш керак… Қачонлардир қордай оппоқ оҳорланган ушбу ҳозирда тусини йўқотиб, ўргимчак уясини эслатарди. Ярим йилдан ортиқ вақт уй бекасининг қўли тегмагач, нима бўларди… Уйнинг ҳавоси ҳам бузилган; қанчалик шамоллатма, қанчалик иситма – уйга ўхшамайди.

Юриши ҳам қийин. Қўллари қалтирайди. Ўнг қўлининг тирноғи суғуриб олинган чимчалоғи вақти-вақти билан оловдай куйдиради. Вабонинг ўзи. Ҳечқиси йўқ, танаси кучли, вужуди бардош беради. Қайта тикланади, худди қармоқдан чиқиб кетган балиқ мисоли ўрнига келади.

Руҳга келганда… Совет офицери руҳга ишонмайди.

Шундан тунги даҳшатлар пайдо қилаётган чидаб бўлмас зиққини бемалол асабларнинг бузилиши дейиш мумкин.

Федор аччиқ куларкан, унинг ёйиқ, йирик юз тузилиши бир сонияга қорайиб кетди. Аслида унга ўхшаганларга разм солсангиз, бундайларнинг асаблари тинч бўлади Худди уларга қачонлардир ўсиқ қошлари остидаги кўзлари сузилган бир елкадор, миқти овчи назар солиб кетгандек.

Ас-саблар…

Худога шукр, ақлдан озиш эмас.

Зотан, совет офицерига, гарчи унинг истеъфога чиқишига ярим қадам қолса-да, Худони эслаш мумкин эмас… Буржуа миллатчиси ва маърифат душманининг набираси бўлиш ҳам; гарчи ўзи кўрмаган ўша бобосининг суяклари, назарида етмиш йилдирки, очкўз Сибирь тупроғида чириб битган бўлса-да. Бироқ фронтда насабингга қараб погон беришмайди…

Шу кунларда эса унинг насабини етти отасигача кавлаштириб чиқишди…

Ўша лаънати шаҳарчада поезддан тушиб, вокзалдаги буфетга нимагаям борди! Мана энди унинг қўлидаги ҳар қандай чойдан қоннинг таъми келиб турибди.

Ойнага навбатдаги ёмғир томчиси урилиши баробарида эшик тақиллади.

Шарпа бундан аъло вазиятни тополмас эди.

Бундай пайтда готик роман қаҳрамони қандай ҳаракат қилишни ўйлаб, ичидан келаётган қалтироқни босганча тинглаб, қулоқ тутган бўларди… Федор оқсоқланганча бориб эшикни очди.

Қанийди бу шарпа бўлса.

Оқ-сариқ соч, думалоқ юзига сал-пал сепкил тошган ва кўм-кўк кўзлари катта-катта очилган, бурни тикка, устидаги шинелининг қат-қатидан ёмғир ўтиб кетган бир қиз уй эгасига худди қора куздай шунчаки ва аямай тикилиб турарди.

Зеро, нафсиламрини айтганда, қизда қўрқитадиган ҳеч нарса йўқ эди. Аксинча, уни рақс майдонида учратганида эди, ўртага таклиф этган бўларди. Бу миқти қизнинг қўлига ўроқ (ёки хотин-қизлар тенг ҳуқуқлигини писанда қилувчи болғани) ушлатиб биринчи май плакатларига суратга тушириш мумкин. Албатта, сариқ сочларидан гўё нола билан оқаётган сув ва думалоқ юзининг ифодаси бундан мустасно.

Бироқ шу топда Федор бу кўм-кўк кўзларни бошқа ҳеч қачон кўрмаслик учун борини беришга тайёр эди. Беихтиёр хаёлидан: наҳотки ҳали тугамаган бўлса, деган фикр ўтди. Йўқ, у бошқа чидамайди… Истамайди… Ҳайвоний, шармандаларча қўрқув… Федор уни босди. Бувиси айтганидек, ҳеч кимга ўзи кўтарганидан оғир хоч берилмайди.

Меҳмон қиз совуққина деди:

– Ўртоқ Сапежинский, киришга изн беринг.

Буни қаранг, “ўртоқ”дедими?!.. Балки унчалик ҳам ёмон эмасдир? Бироз зарда аралаш жавоб қилди:

– Сизга қандай эътироз билдираман, ўртоқ Рабко…

Федор ортига чекинаркан, ўз-ўзидан нигоҳи ёмғир ва зулматга сингиди – яқиндаги шарпалардан қанчаси ҳали кезиб юрибди? Қиз уй эгасининг нигоҳини сезди:

– Мен ёлғиз келдим.

Уй эгаси ўзининг хайронлиги ва енгил тортганини сездирмасликка уринди. У оҳиста эшикни ёпаркан, ҳатто, қизнинг ёмғирдан жиққа ҳўл шинелига-да, бехос тегиниб кетмасликка ҳаракат қилди… Чунки, бемаъни бир сезги – шугина тегинишнинг ўзи худди лабдор қари қурбақа асабий қизнинг кўнглини айнитгандек, алағда қиларди.

Ёмғир, тун ва куз ташқарида кутишар эди. Ўлим ўзининг кўм-кўк, катта-катта, комсомолча кўзлари билан тикилиб турарди.

– Мен ёлғизман. Қуролсиз келдим. Ва… сизнинг ёнингизда эканимни ҳеч ким билмайди. Ва…мана…

У мактаб ўқувчисининг дастхати билан ёзилган қоғозни узатди.

Федор ҳеч нима демай олди.

“Мен, Валентина Рабко, ўз ихтиёрим билан ҳаётдан кўз юммоқдаман. Менинг… ҳеч кимни айбдор қилмасликни сўрайман…”

Бу қандай алаҳлаш?!! Федор меҳмон қизга шошилиб қаради. Қиз эса унинг елкаси оша ҳувиллаб қолган уйнинг бир бурчагига тикилиб турарди.

– Сизга қилган… ёмонликларидан кейин… Мен…– шундай деб у гўё ўзини муздек сувга ташламоқчи одамдек, нафас чиқарди.– Қисқаси, нима десангиз шуни қиламан.

Буни қаранглар… Федор кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмасди. Вилоят ойим қизлари кейинги ўн асрда ҳам ўзгармадилар. Гарчи қўлларига комсомол билетлари ушлатишди, кураш сирларини ўргатишди, энг муҳими, ваколат беришди. КГБнинг ёш ходимини виждони қийнаяпти. Ажойиб. Хўш, у, яъни Федор ушбу касал виждонни даволаши керакми? Нима билан? Ўзини осишга буюрадими? Ёки ўз қўли билан бўғиб ташлайдими?

Ростдан ҳам тугамасдек туюлган кейинги ўн кун ичида бу ҳақда деярли ҳар дақиқада ўйлаган.

… Мағлуб Германияда ўтган икки йиллик хизматдан сўнг (Потсдамдаги ҳарбий қисмда) у Великие Лукига, артиллерия бригадасига йўлланма олди. Урушнинг тугаганига ҳам кўп бўлди. Уйга кетишни орзу қиларди. Дорулфунунга қайтиб, илм қилишни, ўзи севган рақам-формулаларга кўмилиб кетса, қанийди… Великолук штабида полкдоши бор экан, жанжалкаш, аммо яхши эркак, унинг ёрдам беришига ишончи туғилди. Ҳозирча эса қоидага хилоф ёрдам – қадрдон уйига кириб ўтиш учун бир неча кунга рухсат сўради. Бувисининг Ғалабани қаршилаб, аммо набирасини кутмай вафот этганига ярим йил ўтди. Аттанг, унга айтадиган гаплари бор эди, насиб бўлмади… Онаси эса уруш пайти эски-туски бозоридан қайсидир камзулини егуликка айирбошлаб, қайтарида бомба остида қолган.

Шундай қилиб, бахтиёр, тақдирнинг эркаси ўз ватанига қайтаркан, бу ерда уни ҳеч кимса кутмаётган эди. Қўл-оёғи соғ, кўкрагида учта медаль ва орденлар, елкасидаги погонларда капитанлик юлдузчалари…

Қадрдон шаҳарга беш соатлар чамаси қолганда вилоят марказидаги станцияда поезд туриб қолди ва бу ерда камида бир соат ҳаяллайди, деган гап тарқалди. Одамлар аччиқланиб, гувуллади. Кимдир мудрашда давом этди. Айримларни эса станциянинг чироқлари мафтун этиб, ўша томонга юришди. У ҳам…

Ўша дақиқаларни у неча марталаб хаёлидан ўтказди. Мана, охорланган оппоқ бош кийим кийган, пешонасида эса гўё ёпиштириб қўйилгандек қўнғир жамалак сочли буфетчи аёл кулиб чой узатмоқда. Ана, у оёқлари ингичка стол – ёғоч қўзиқорин ёнида ёлғиз турибди. Ўшандай бошқа бир “қўзиқорин” устида ёш оила, эркакнинг устида пахталик, аёл эгнида эса ўнгиб кетган пальто ва оқ рўмолча ўраб олган. Жунлари тўкилиб, қайси ҳайвоннинг терисидан экани ҳам номаълум уч-қулоқ телпак ва айни шундай, туксиз пўстин кийган, қўлида халта тутиб, соч-соқоллари ўсиб кетган аллақандай ғалати чол столлар оралаб юрибди. Бировдан ҳеч нарса сўрамайди, аммо халтасига биров қуритилган нон, бошқаси қайнатилган картошка солиб қўйяпти. Қариянинг худди дарё тошига ўхшаб йилтираб турган нигоҳи бир дақиқага – чўғни босиб олган одамда шундай бўлади – жойида қотиб қолди.

Бирдан қария қандайдир ўткир нарсага дуч келгандек, Федорга тикилиб қолди. Кўзларининг тубида телбавор бир даҳшат қўзғалди. Қария оғриқдан букилгандек, эгилди ва хайқирди:

– Ўша сенсан! Сен отгансан! Мен сени танидим, разил фашист! Сен!

Бундан кейинги воқеалар ёмон тушни эслатади.

Жиннига ишонишди. Унга, Федорга эса – йўқ.

Жинни ўзларининг одами эди. У даҳшатли отувнинг тирик қолган охирги гувоҳи бўлиб, ўша воқеадан кейин бояқишнинг ақли озиб қолган. Одамлар ҳамон уруш асоратидан қутулишмаганди. Баъзан шаҳар кўчаларида соғлардан кўра хасса таянган, турли-туман аравачаларда бораётган кишилар кўпдек туюларди. Ҳамма жойда фашистларнинг қолган-қутган яширин жосуслари, полициячиларини қўлга тушириш давом этмоқда эди. Федорнинг ёнида эса немис соати, муқовасида немисча ҳарфлар босилган, варақларига турли формула ҳамда рақамлар ёзилган ён дафтари бор эди… Ҳа, яна… Мэри Шеллининг чўнтак шаклидаги ўнгиб кетган “Франкенштейн” китобчаси ҳам бўлган.

Ҳужжатларига кўра ҳам у ҳозирда мазкур темирйўл станциясида эмас, Великие Лукидаги ҳарбий қисмда бўлиши лозим эди.

Великие Лукига қилинган қўнғироқ ҳаммасига якун ясади. Капитан Федор Станиславович Сапежинский хизмат жойига етиб бордими, деган саволга тетик бир овозда шундай жавоб беришди: ҳушёр бошлиқлар хотиржам бўлсинларки, фронтовиклар ичкаридаги каламушлардан фарқли ҳеч қачон кечикишмайди.

Полкдош ўзи ваъда қилгандек, ҳеч нарсадан ҳайиқмай (ҳар доимгидек) сафдошлик ҳурматидан ҳатто ҳарбий уставни бузиб, ишни “суваётган” эди…

Бундай дўстона қаҳрамонлик Федор учун ҳукмни англатар эди.

Шаҳарликларнинг ўзига нисбатан нафратини тушунарди. Кўпчилик уни ўз отасининг қотили, синглисининг жаллоди, ёш болаларни ўл­дирган душман сифатида “тан олишди”… Ҳаётларини вайрон қилган гуноҳкорнинг жазо топишини кўришга бўлган табиий иштиёқ ҳам ўзини кўрсатмоқда эди…

Кўкрагидаги медалларни юлиб олишгани негадир унинг ёдида сақланиб қолди…

Буларнинг барчаси хато экани, эртами-кеч юзага чиқишини у биларди.

Аммо иш чаппасига кетгани ва энди умид йўқлиги тез орада маълум бўла бошлади. У оғир-босиқ бўлишга ҳаракат қилди. Ўзини уларнинг ўрнига қўйиб кўрди: керак бўлганда сотқинни ҳеч иккиланмай чаккасидан отиб юбормаганмиди?! Ўша сариқ сочли йигитчага, деярли ўсмир болага ҳам ачиниш ҳиссини туймаган. Бола қўлини кўтариб, хўрсинганча немислар томон ялиниб-ёлвориб, бир нималарни ғудураниб бораркан, гўё одам қаторидан чиққандек…

Кейин эса ҳар куни (ёки ҳар кеча?) жосусларга қарши курашда синовдан ўтган терговчилар билан бир неча соатга алмашиб, шу аёл кела бошлади. Катта ёшдаги бақувват эркакнинг попугини пасайтириб қўйишни мана шу ярамас қиз – Валентинага тўла ишониб топшириб қўйишгани унга жуда ҳам алам қиларди. У яқиндагина ўқишни битириб келган бўлиб, жангларда иштирок этолмаганидан ўта изтироб чекарди…

Ўртоқ Рабко ўзининг дастлабки топшириғини бажаришга стахановча ғайрат билан киришганди.

Федор ана шуларни қайта эсларкан, титраб кетди.

Мана энди қаршисида истагингни бажараман, деб турибди.

Федор тишларини ғижирлатиб, жим бўлди. Кейин совуқ оҳангда деди:

– Бўлмаса, ечин.

Меҳмоннинг юзида ўзгариш сезилмади ва калтабақай бармоқларининг тирноқлари сингудек бўлиб, ҳўл шинелининг тугмаларини ечди… Шу ҳолатда у жим турган уй эгасига қараб, қўлидагини бир чеккага қўйди… Ечиш навбати кофтасига етганда бироз ҳаяллади:

– Фақат… Бу ишларда уқувим йўқ. Бунақаси…

Федор қиздан, ўзидан ва вазиятдан жирканаркан, сал бўлмаса, инграб юбора ёзди.

– Бас қил! Шайтоннинг урғочиси!

Унинг бақириғидан қиз ўзидан кетаёзди. Қўрқинчдан кўзлари косасидан чиқиб кетди, гўё.

Нима ҳам қилардик, у тўпчиларга командир бўлиб, замбаракнинг овозини босишга ўрганган.

– Тугмаларингизни қадаб олинг, ойим қиз.

Худди биринчи май плакатидаги аёлга ўхшаш қизнинг ёноқлари қизарди. Уйнинг бўғиқ ҳавоси момақалдироқ олдидан бўладигандек, қуюқлаша бошлади. Федор тишининг орасидан ижирғанди:

– Демак, кечирганим белгиси сифатида сен билан нимадир иш қилишимни истаяпсан? Энди нима қилай, сенинг номусингга тегайми? Юзингни ёрайми? Бирор ўн соат тиззангга ўтқизайми? Ёки отиб ташлайми? Нима дейсан?

Валентина чала ювилган тахта полга қараб ютинди.

–Ҳа. Аблаҳлигингни билиш қийин эканми?

У лабини тишлади.

Федор кескин давом этди.

– Ўзимни аблаҳга айлантириб, сени енгил торттирмайман.

– Бундай… билан мен энди қандай яшайман?

Шундай деб тиниқ кўм-кўк кўзлари билан тикилиб қолди. Ойим қизнинг бу даражада кўнгилчанглигини ким билибди, дейсиз.

– Қандай яшайсиз? – Федор кулди. – Мени сўроқ қилган ҳамкасб­ларинг қандай яшашмоқда? Нима сабабдан лейтенант Кравец ёки майор Тусклий бетимни ёриб ташланг, деган илтимос билан ёнимга келишмади? Ухлашяпти.

– …

– Кечалари хотиржам-да. Улар сенга нима дейишди? Сизлар барчангиз, шунчаки ўз вазифамизни бажардик, деб ўйлайсизлар-да, шундайми?

– Шундай… – Валентина худди кофтасининг тугмаси айбдордай уни зарб билан айлантира бошлади. – Битта ҳақиқий қўпорувчи ёки сотқинни ўтказиб юборгандан, ўнта айбсиз озор чеккани яхши, дейишди улар.

– Сен бундай деб ҳисобламайсан, демак? Менгача биронта ҳам айбсизни қамашмаганига ишонасан, шундайми? Мен эса адашиб қўлга олинганларнинг сўнггисиман?

Ўртоқ Рабко тумшайиб тураберди.

– Билмадим…

Ташқарида эса шамол қутургандан қутурар, худди оч қушлардай ойнага ўзини урарди.

Одамлар ҳам шундай. Ўзларини асраш илинжида мафтункор ғоялар дунёси томон учадилар ва билишмайдики, уларнинг самимий интилишлари қаршисида тўсатдан кўринмас девор пайдо бўлиб, тақдирларини чил-парчин қилади.

Ҳар қандай хаёлий ғоялар девори ости укпарлар ва қон билан тўла. Иссиқ уйлардаги ўчоқ қаршисида фақат имтиёз эгаларигина ўз ҳақиқатларига кўмилиб, роҳат-фароғат қилишади. Ўзларини кўр-кўрона ойнага ураётганларга улардан шафқат йўқ.

Қиз бир оёғидан иккинчисига турди. Федор унинг чарчаганини сезди. Нима ҳам дердик… Гапни тугатиш керак. Ўтир, деб айтгиси келмади. Қизгинанинг омади чопмади – дастлабки топшириғи адашиб қамалган уруш қаҳрамонига тўғри келиб қолди.

– Сиздан менга ҳеч нарса керак эмаслигини, ўйлайманки, тушунган бўлсангиз керак?

Валентина ҳўл сочларини силаб қўйди. Сўзлари бўғзида тиқилиб, ниҳоят аввал хаёлда, сўнг овоз чиқариб деди:

– Ўз…ўзимдан қўрқиб кетяпман. Бошқага азоб бериш… Камситиш… Шунчалик… осон бўлиб чиқди.

– Бу ишни ҳали кўп маротаба бажаришингизга тўғри келади, – лоқайдлик билан деди Федор. – Кечирасизу, бу ўзингиз танлаган иш. Ўзингизда етарли қатъият сезмасангиз – кетинг!

Қиз ўжарлик билан бош чайқади:

– Душманларни кўргани кўзим йўқ. Фашистларга раҳм-шафқат қилмоқчи эмасман.

Федор ҳу наридаги бир пайтлар икона осиғлик турадиган, хотирасида боягидай сақланиб қолган бурчакка қаради. Ҳали бола экан, бувиси унга: “Бу – худойим, Феденька. У сахий, барчамизни асрагувчи” деб тушунтирганди.

– Инқилоб бўлган йили туғилганман, – Валентина унинг ҳар бир сўзи­ни ёдда сақлашга уринаётганини сезиб аста гапирди Федор – биринчи марта жаҳл ва мазахсиз. – Мен Улуғ Октябрь билан тенгдош эканимдан фахрланаман. Бизга қулоқлар томонидан қийнаб ўлдирилган Павлик Морозов ҳақида ўн олти ёшимда, пионерлар саройида айтиб беришган. Ўшанда барчамиз Павликка хос бирон бир қаҳрамонлик кўрсатишни орзу қилганмиз. Эртасига ҳар биримиз умумий йиғилишда қариндош-уруғ ёки қўни-қўшниларнинг совет ҳукуматига қарши бирон бир ҳаракатини, айниқса, уйларида икона ёки бошқа ибодат ашёлари, советларга қарши адабиётлар ёки қурол-яроқ сақлаганларни фош этишимиз керак эди. Сўзлашга тайёрланар эканман, сабрим чидамай, турган жойимда ирғишлардим. Навбатим етгач, уйимизнинг қазноғида катта сандиқлар борлиги, уларнинг бирида бувим эски-туски кийимларни, иккинчисида эса чет тилларда ёзилган аллақандай шубҳали қоғозларни сақлашини шоша-пиша айтдим. Бир сафар ўғринча кириб кўрганман…

Мақтовлар эшитдим. Ҳарбий кийимдаги ўртоқ қўлимни узоқ силкиди ва пионернинг чин сўзи ҳақида гапирди… Мен бахтиёр эдим. Ўша куни кечда эса уйимизда тинтув бошланди.

Қоғозлар тўла сандиқни пастга олиб тушишди. Қинғир-қийшиқ ёзилган бу сарғайган саҳифаларни бир жойга кўтарсангиз бўйим баравар бўларди.

– Польякларнинг ҳужжатлари! – эълон қилди тинтув ўтказганлардан бири ўз ишидан қониқиб.

Бувим илгари мен пайқамаган бир овозда ушбулар польякча эмас, беларусь тилида ёзилиб, эрига, яъни менинг бобомга қарашли эканини уларга тушунтирмоқчи бўлар, аммо беҳуда эди. Беларусь тили таъқиқлангани боис, лотин ҳарфларида ёзишган, нашр этиш имкони эса бўлмаган. Бобом гарчи, художўй бўлса-да, халқ ишига жон-фидо кишилардан эди. Уни Сибирга сургун қилганларидан сўнг қайтиб келмади, тупроғи ўша ёқларда қолиб кетди. Мулкларини эса мусодара қилишгач, бувим ёш қизи, менинг онам билан шаҳарга, кичкина бир ҳовлига кўчиб келишган… Мазкур қоғозлар беларуслар учун катта аҳамиятга эга… Ҳозир… буларни олиб кетишса, унинг учун иккинчи маротаба эрини олиб кетгандек бўлади…

Шуларни айтаркан, бувим кўз ёшларига кўмилди. Унинг аҳволи менинг ғуруримга бироз сув сепди. Чунки бувимнинг йиғлаганини ҳеч қачон кўрмагандим.

Тинтув раҳбари қоғозларни варақларкан, буларнинг барчаси диний мавзуда эканини айтди. Ҳаммаси христиан сарқитларини тарғиб қилади. Бобомнинг ер-мулки бўлган, демак, эзувчи синф вакили. Шундай экан, мана бу пўпанак босган уюмлар ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.

Қоғозларни олиб кетишди. Улар ҳақида кейин ҳам ҳеч бир гап эшитмадик. Ўша воқеадан сўнг бувим мен билан бирон марта бўлсин гаплашмади. У… қатъиятли инсон эди. Бир замон келдики, мен тиллар факультетида ўқийдиган университетдошим билан суҳбатлашиб қолдим… У йўқ қилиб юборилган қоғозлар ҳақида эшитаркан, сал бўлмаса оппоқ сочларини юлаёзди. Ўта қимматли тарихий ҳужжатларни гумдон қилишганини айтди.

Нима иш қилиб қўйганимни улғайгандагина тушундим. Бироқ у пайт кечирим сўрайдиган ҳеч ким йўқ эди.

Валентина уй эгасига анграйиб қараб турарди.

– Аммо… Ўз бурчингизни бажаргансиз, холос. Сиз тўғри иш қилгансиз.

Федор аччиқ кулимсиради.

– Ундай тақдирда сен ҳам тўғри қилгансан. Фашистлар ҳам ўзларини ҳақ билишган. Бизларни одам қаторида кўришмаган. Мен Германияда эканимда концлагер ҳудудида бўлдим… Биласанми, мени ҳаммадан кўп нима ҳайрон қолдирди? Тартиб. Тозалик. Тўп-тўпга бўлинган пальто, кофта, қирқилган сочлар, болалар оёқ кийимлари… Уларнинг эгаларини ўшандай тоза крематорияларда қатъий тартиб билан ёқишган. “Экскурсия”дан кейин тўхтаган уйимизда бир қари немисни этикларимизни тозалашга мажбур қилдик. Уни урмадик, ҳақорат қилмадик, босиб олинган славян тупроғида балки, унинг ўғли қилганидек, қулоғи остида тўппонча отмадик. Шунчаки тоза қонли арийнинг ғайрат қилишини томоша этиб турдик, у эса қўрқувдан чанг-тупроқ кирзани тозалаяпти, тозалаяпти, тозалаяпти.

У ҳамда унга қўшни-бюргерлар ҳам ўзлари яшайдиган икки юз қадам наридаги бўялган тиканли сим девор ортида нима воқеалар юз берганини билишмаган. Инсоннинг ҳайвонга айланиши ҳеч гап эмас. Ва у ўзининг ҳақлигига тез ишонади. Онамни олинг… Ниманидир айирбошлаш учун бозорга борганда… Демак у немислар орасида яшаган, нимадир ишлаб топган, сотган… Шундай экан, у сотқин бўлиб чиқадими? Қоидага кўра шунақа-да, а?.. Хавфсизлик ҳимоячиларимас, инсонийликка кўра-чи?

Қиз бирдан ўзгарди-қолди. Ҳеч бир асабийлашмасдан ерда ётган ҳўл шинелини даст олиб кийиб, этакларини тортиб қўйди. Тугмаларини қадади ва тунд бир алпозда қаддини кўтариб қўйди. Федор сесканиб кетди… У қаршисида ўзига азоб бериб лаззатланган, жирканчли нафрат билан муносабатда бўлган жинси йўқ хизмат одами – аввалги КГБ ходимасини кўриб турганди…

– Тутган йўлим тўғри экан. Шубҳаланиб ўтирибман-а, телба. Сен эса… давлат хавфсизлик қўмитаси ходимларини фашистлар билан қиёслаяпсан?!! Яна бу фронтовик эмиш… Панларнинг уруғи, бошқа ҳеч киммас!

Шундай деб у Федорнинг қўлидан ўзининг “васиятномаси”ни тортиб олди.

– Шошмай тур, сен нотўғри тушундинг…

Жавоб ўрнига эшик қарсиллаб ёпилди.

Федор орқа суянчиғи ёғочдан туғро шаклида ишланган курсига ҳолсизланиб ўтираркан, худди ёш бола каби сўроқ пайтида жароҳатланган қўлини кўкрагига босди. Ҳатто лўқиллаётган синчалоғидаги оғриқни босиш учун курсини тебрата бошлади. Чакагинг очилиб кетди-я, жинни. Дардингни тўкишга топган одамингни қара-я. Ҳасрат, укам, яхшиликка олиб бормайди…Шаллақини аяб ўтирибсан. Урушда осонроқ эди… Ўйлаган ўйи ўзига шундай фитнакор туюлдики, Федор бу алаҳлашдан қутилиш учун бошини сараклатди.

Олиб кетгани эртаси келишди. Бу сафар адашишмади. У ўзи учун жавоб беришга мажбур. Уни бор бўй-басти билан сўроқ қилишди. Капитан Сапежинскийга Великие Лукини кўриш тақдир этмади. Ҳар ҳолда оз-кўпи билан озодликдан маҳрум этилган ўн беш йилгача. Тергов даврида Валентина Рабко билан юз кўришмади, аммо чақувлардан келтирилган иқтибослардан унинг овози эшитилиб турарди.

…Минск-Москва поездида чой тўлдирилган қиррали стаканлардаги якранг қошиқчалар “тил”га кирди. Кўп сонли йўловчилар орасидан кимдир куз кечаларига тикилганда юракка ғулу солувчи ҳасратни шунчаки ҳайдаш учун ёки уйқусизликни сезиб уйдан олиб чиққан колбасали нон, бир пайтлар Ильф ва Петров томонидан куйланган димлама товуқни дас­турхонга ёзади… Шунингдек, яккаш нон чайнамаслик сабабидан ёнига солиб олган бошқа майда-чуйдаларни ҳам чиқаришади.

Купедаги ёши ўтган, бақувват бир йўловчи арпадан тайёрланган қаҳва билан кифояланди. Биринчидан, поездда табиий қаҳва йўқ эди. Иккинчидан, у чойни хуш кўрмасди. Қошиқча билан қаҳвасини аралаштирар экан, унинг синчалоғи йўқлигини пайқаш мумкин. Ёшига қараганда уруш кўрган эркак бўлганидан ундаги ярадорга хос белгилар ҳеч кимни ажаблантирмайди. Аммо у купеда ёлғиз эди. Деярли оқарган сочлари калта қирқилган, бутун жисмидан сокинлик уфуриб турибди: елкалари бақувват, суяклари бўртиб турган юзлари ёйиқ, диққат билан боқувчи кўзлари қоп-қора… Айниқса, йўғон танаси кўзга яққол ташланади. Балки бу унинг эгнидаги пиджагини ечиб, купе бурчагидаги ёғоч илгакка осиб қўйгани ва томоғигача ёпиб турган юпқа энгилда (бундай кийим-бош Совет Иттифоқида ҳали урф бўлмаган эди) эканидан бўлса ажаб эмас. Йўловчи қаҳвасини ичиб бўлиб, шу жойнинг ўзида стол устида турган бир тахлам қоғоз жилдларга маҳзун кўз ташлади. Конференцияга яхшилаб тайёрланиш имкони бўлмади. Демак, бу материалларни ҳозир кўриб чиқиши лозим. Тўйиб ухлашга яна вақт йўқ…

Купе эшиги тақиллагандай туюлди ва шу заҳоти ғилдираб очилиб кетди. Остонада ифодасиз ялпоқ юзли, шунга ўхшаб ҳеч нарсани англатмайдиган катта-катта, ялтироқ кўзли, бутун йўғон танаси қандайдир қаттиқ жисмдан қуйилгандай проводник аёл баланд овозда сўради:

– Чойшаб оласизми?

Купенинг ягона хожаси эса гўё ҳозиргина сохта деб эълон этилган буюк рассомнинг илгаритдан таниш картинасини синчиклаб текшираётган санъатшунос каби вагон бекасига негадир жим қараб қолди.

– Ҳой киши, вақтимни олманг! Олмоқчи бўлсангиз, бир рубль эллик тийин.

Темир аёлнинг сўзлари йўловчини ҳушига келтирди. У бурчакда илиғлиқ пиджагидан катмонини олди.

– Пулни, ҳурматли йўловчи, жамоат жойларида ёнингизда ушланг. Одамлар арзимас бир нарсаси йўқолиб қолгудек бўлса, дарров вагон кузатувчисига ташланишади. Улар ҳамавақт кимнидир айбдор қилишга уста…

Проводник аёлнинг шанғиллаган овози йўлакдан келар, кейинги купени тақиллатгани ҳам эшитилди…

Федор юзини қўллари билан ёпди.

Танимади… Ёки танимаганга олдими? Унга қараб билиб бўлармиди…

Энди уларга нимани ҳам айтасан? Балки ўртоқ Рабко ҳозир, ўзининг чақувидан сўнг у қачонлардир бобоси сургун қилинган Сибирда олти йил ўтириб келганидан кейин қайта кечирим сўрашни истаб қолар? Йўқ, бу аёл тавба қилмайди. Аксинча, ёшликдаги бир лаҳзалик иродасизлиги туфайли виждон азобидан қутулса ўлишга ҳам рози бўлиб “Менинг ўлимимда ҳеч кимни айбдор қилмаслигингизни сўрайман” деган мазмундаги тилхат билан тергов қилинаётган одамнинг уйига борганига ҳалигача афсусланса керак.

Балки… давлат органларининг янглишмаслигини исботлашни бугун ҳам хоҳлаб қолар?

Жирканч совуқ қўрқув юрагининг аллақаерида шиллиқуртдай ғимирлаб қўйди. Ана, афтидан унда хориж буюмлари борлигини пайқади. Братиславага сўнгги бор қилган сафари чоғида ватандош-муҳожир билан ўша кераксиз ва очиқ-ойдин суҳбат бўлиб ўтган эди… Кейин Сапежинс­кий ўзи билан борган илмий гуруҳ ҳақида ёпиқ ҳисоботида – нима деб ўйлагандингиз, мабодо у шундай қилишга рози бўлмаганида хорижга чиқаришармиди – ана шу суҳбатдан ташқари барча касбдошлари ҳақида чин дилдан ёзиб берди. Орадан вақт ўтиб эса ўша хорижликдан унга ўтмишни эслатадиган совға – беларусь тилига таржима қилинган “Франкенштейн” номли готик романни олиб келишди. Совғани миннатдорлик билан қабул қилди. Яна тарихчи ошнасининг илтимоси билан диншунос ва қўзғолончи бобоси ҳақида ҳамма билганлари ёзилган эсдаликлари ҳам бор. Жуда ҳам оз, онда-сонда бувисидан эшитган гаплари, бобосининг қоғозларидан ёдида қолган айрим фикрлар, китоблар номлари… Ўша дўсти айтдики, булар ҳозирча туриб туради, вақти келганда… Бировга кўрсатмасликка ваъда берди…

Айбсиз парвардигор… Мана энди оддий проводник аёлнинг чақуви билан Люблинга сафар ҳам тугайди…

Унинг ҳамма ишлари оқибати яхшилик билан ниҳоя топди. Лагерда жазони махсус техник-бюрода ўташига тўғри келди. Илмий билимлари, тўпчилик тажрибалари ва албатта, омади чопди: унинг соҳаси бўйича мутахассис зарур экан. Кейин эса Сталин вафот этгач, эллик учинчи йилдаги ўзгаришларда озодликка чиқди. Оқланиш, университет…

Ўртоқ Рабконинг эса “ишлари” афтидан, юришмаганга ўхшайди… Ҳеч бўлмаганда майор ёки подполковник даражасига етгандир, деб юрарди у.

Поезд худди қул меҳнати учун жон киритилган темир Франкенштейн каби нолиганини ҳам ёки қарғаганини ҳам англаш қийин бир тақлидда ўзининг бир хил қўшиғини айтиб келмоқда. Унинг механик ҳаракати, темир юраги билан зулматга тикилган машинистнинг ҳам, гўё ўз-ўзидан учиб бораётган мана шу уй бир неча юз одам учун вақтинчалик бошпана бўлиш баробарида Харон қайиғи мисоли охиргиси ҳам бўлиб қолишини хаёлларига келтирмай, хотиржам ўтирган йўловчиларнинг ҳам ишлари йўқ эди.

…Поезд Беларусь вокзалининг Лета соҳили каби тунд тўхташ жойига келаркан, мудроқ қалбларни битта-битта тупириб ташлади. Эгнида плаш, қўлида портфель, бошидаги шляпасини кўзигача босиб кийиб олган Федор Сапежинский проводник аёл ёнидан қисилиб ўтди… Бироқ нигоҳи ўз-ўзидан бошқа томонга сирпанди. Во дариғ: қизил байроқча ушлаган калта қўлининг синчалоғида тирноғ йўқ эди.

Федор “Правда” газетасига ўралган, муқовасидаги готик ҳарфларигача ишқаланиб кетган китобчани вокзалнинг ёруғ қисмидан наридаги ахлат қутисига ташлаб юборди.

 

[1] Готик – ўрта асрлар охирида Европада кенг тарқалган бадиий услуб (таржимон).

Рус тилидан
Ёқубжон Хўжамбердиев
таржималари

2019/4

Вам таксама можа спадабацца

Пакінуць адказ

Ваш адрас электроннай пошты не будзе апублікаваны.